logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Агентлик ва Tether ўзаро англашув меморандумини имзоладилар

07.03.2024
2621

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (Агентлик) ва Tether компанияси Ўзбекистон Республикасида крипто-активлар ва блокчейн инфратузилмаси соҳасида технологияларни ривожлантириш, шунингдек, инновацияларни рағбатлантириш мақсадида ўзаро англашув Меморандумини имзоладилар. Ҳужжатга кўра, томонлар Ўзбекистонда блокчейн технологиясини, стабил токенларни ва активларни токенизация қилишни ривожлантириш, шунингдек, мамлакатда иқтисодий ўсиш ва инновацияларни рағбатлантиришда ҳамкорлик қилади.

Ўзаро ҳамкорлик, хусусан, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик базасини такомиллаштириш, CBDC (Central Bank Digital Currency) ва активларни токенизация қилиш технологияларини жорий этиш, блокчейн ва крипто-активлар технологиялари соҳасида аҳолининг хабардорлиги ва саводхонлигини ошириш мақсадида таълим ташаббуслари соҳасида ҳамкорлик қилишга қаратилган бўлади.

“Агентлик Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши учун янги технологиялардан фойдаланишнинг барча имкониятларини ўрганишга интилади. Уникал тажрибага эга Tether билан ҳамкорлик блокчейн технологияси ва умуман крипто-активларнинг улкан салоҳиятидан фойдаланишда муҳим қадамдир. Давлат хизматларини яхшилашга қаратилган бошқа амалга оширилаётган ташаббуслар билан биргаликда яхши интеграцияланган ва масъулият билан жорий қилинган блокчейн экотизими Ўзбекистоннинг барча фуқаролари ҳаётини яхшилашга катта таъсир кўрсатиши мумкин”, – дея таъкидлаб ўтди Агентлик директори Д. Ли.

“Биз Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан Ўзбекистонда блокчейн технологиясининг улкан салоҳиятини ўрганиш бўйича ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз, – дея фикр билдирди Tether бош директори Паоло Ардойно. – Ушбу ҳамкорлик Tether нинг инновацияларни рағбатлантириш ва бутун дунё бўйлаб рақамли активлар экотизимининг масъулиятли ривожланишига содиқлигини кўрсатади".

Tether ва Агентлик республиканинг тегишли идоралари билан биргаликда тезроқ, хавфсизроқ ва тежамкор транзакцияларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистоннинг рақамли валютасини яратиш бўйича ҳамкорлик қилади.

Маълумот учун: Tether стабилкоинларни чиқариш ва улардан фойдаланиш ҳамда рақамли молия соҳасида жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланади.

Компания илғор молиявий тизимлар, шаҳар инфратузилмаси, трансформацион технологиялар ва атроф-муҳит соҳасида инновацияларни ривожлантирмоқда, барқарорлик ва инклюзия учун янги стандартларни белгилашга интилмоқда.

Tether (USDT) токени Tether компанияси томонидан 2014 йилда чиқарилган. Ушбу токенни ишлаб чиққанларнинг асосий ғояси – бозор иштирокчиларига курси АҚШ доллари курсига боғланган, яъни нисбатан ўзгарувчан бўлмаган крипто-активдан фойдаланиш имкониятини яратишдир. Яъни, бир USDT нархи 1 АҚШ долларига тенг (1 USDT = 1 АҚШ доллари).

USDT токени барқарор токенлар орасида биринчи ўринни эгаллайди ва халқаро криптоплатформаларда капиталлашув ва айланма бўйича энг яхши учта крипто-активлар қаторига киради.