logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Кўп бериладиган саволлар

foto

Кўп бериладиган саволлар

2749

КРИПТО-АКТИВ — маълумотларнинг тақсимланган реестридаги рақамли ёзувлар йиғиндиси бўлган, қиймати ва эгасига эга мулкий ҳуқуқ.

МАЪЛУМОТЛАРНИНГ ТАҚСИМЛАНГАН РЕЕСТРИ — маълумотларни ихтисослаштирилган блокларда тақсимловчи технология бўлиб, бунда ҳар бир янги блок олдинги блок билан криптографик имзо орқали боғланади.

КРИПТО-АКТИВЛАР АЙЛАНМАСИ СОҲАСИДАГИ ФАОЛИЯТ ТУРЛАРИ

- майнинг – ҳисоблаш операцияларини бажариш орқали маълумотларнинг тақсимланган реестрини юритиш, блокларнинг яхлитлигини яратиш ва тасдиқлаш фаолияти

- крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлар фаолияти

Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги ХИЗМАТЛАР ПРОВАЙДЕРЛАРИ (бундан буён матнда хизматлар провайдерлари деб юритилади) — жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан уларнинг номидан крипто-активларни сотиб олиш, сотиш, айирбошлаш, сақлаш, чиқариш, жойлаштириш ва бошқариш бўйича хизматларни кўрсатувчи Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган юридик шахслар.

ХИЗМАТЛАР ПРОВАЙДЕРЛАРИ ТУРЛАРИ:

КРИПТО-БИРЖА — крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш учун электрон платформани тақдим этувчи ташкилот;

МАЙНИНГ-ПУЛ – майнинг жараёнини таъминлаш мақсадида ҳисоблаш қувватларини бирлаштирувчи электрон платформани тақдим этувчи ташкилот;

КРИПТО-ДЕПОЗИТАРИЙ – крипто-активларни чиқариш, уларни дастлабки жойлаштириш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш бўйича электрон платформа ва (ёки) техник ва дастурий воситалар мажмуини тақдим этувчи ташкилот;

КРИПТО-ДЎКОН — крипто-активларни сотиб олиш ва (ёки) сотиш юзасидан хизматлар кўрсатиш бўйича электрон платформа ва (ёки) техник ва дастурий воситалар мажмуини тақдим этувчи ташкилот.

ОХИРГИ БЕНЕФИЦИАР МУЛКДОР — хизматлар провайдерини бевосита ёки билвосита таъсис этувчи ёхуд унинг устав жамғармасидаги (капиталидаги) улушларига (акцияларига) бевосита ёки билвосита эгалик қилувчи ёхуд ушбу шахсга бевосита ёки билвосита эгалик қиладиган ёхуд уни назорат қиладиган жисмоний шахс.

Крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлмаган электрон платформалар (крипто-биржалар ва электрон айирбошлаш шахобчалари)дан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ фойдаланиш белгиланган тартибда чекланган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 121  моддаси талаблари ҳамда 2018 йил 5 сентябрдаги «Бутунжаҳон интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига асосан, қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадида веб-сайтлар ва (ёки) веб-сайтлар саҳифаларидан фойдаланилганда интернет тармоғидаги веб-сайтлар ва (ёки) веб-сайтлар саҳифаларига киришни чеклаш ўрнатилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сонли "Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 7-бандига биноан Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига (кейинги ўринларда – Агентлик) Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизмат провайдерлар фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомни қабул қилиш ва амалга киритиш вазифаси юклатилган.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Агентлик директорининг 2022 йил 14 июлдаги 32-сонли буйруғи билан Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 15 августда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3380). Криптоактивлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари (крипто-биржа, майнинг-пул, крипто-депозитарий ва крипто-дўкон)нинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги фаолияти фақат белгиланган тартибда лицензияга эга бўлган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ фаолиятни лицензиясиз амалга ошириш маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, электрон платформалари блокланган крипто-биржа ва электрон айрибошлаш шахобчалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-биржа, крипто-дўкон ёки бошқа турдаги хизматлар провайдери фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга эмас.

Бундан ташқари, хорижий крипто-биржалар крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш учун ҳеч қандай қонуний жавобгарликни ўз зиммасига олмайди, транзакцияларнинг қонунийлигини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсий маълумотларининг тегишли тарзда сақланиши ва махфийлигини кафолатлай олмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сонли "Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 6-банди “в” кичик бандига биноан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-активларнинг тўлов ёки тўловни қабул қилиш воситаси сифатида қўлланилиши тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш ҳамда ушбу соҳада фаолиятни лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сонли "Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 3-банди “в” кичик бандига биноан майнинг фақат юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Майнинг учун ягона электр энергетика тизимига уланган ҳолда электр энергиядан фойдаланилган тақдирда истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловлар белгиланган тарифга нисбатан 2 баробар ўсувчи коэффициентга мувофиқ тўланади, майнинг билан шуғулланувчи шахсларнинг ягона энерготизимига ноқонуний уланиши ҳолатлари аниқланганда, уларга нисбатан белгиланган тариф 5 баробар ўсувчи коэффициент билан қўлланилади.

Тиғиз даврда истеъмол қилинган электр энергия учун тегишли тарифларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган устамалар қўлланилади.

Истеъмол қилинган электр энергиясининг ҳисоби алоҳида ҳисоблагич ўрнатилган ҳолда юритилади.

Майнинг Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан мажбурий рўйхатдан ўтказилади ва лицензияланадиган фаолият турига кирмайди. Майнерларни рўйхатдан ўтказиш фақат Интернет тармоғи орқали электрон шаклда амалга оширилади. Майнерлар ўз фаолиятини фақат рўйхатга олинган пайтда кўрсатилган манзилда, ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Хизматлар провайдерлари лицензиялаш талаблари ва шартлари доирасида платформа ва бошқа техник ва дастурий таъминотни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган серверларга жойлаштириши, мижозларнинг крипто-активлар билан операциялари тўғрисидаги ахборотни, шунингдек, уларнинг идентификация маълумотларини ва мижозлар билан ўзаро муносабатлар бўйича (шу жумладан платформа иштирокчилари ўртасидаги) материалларни, жумладан иш ёзишмаларини беш йил давомида сақлаши шарт.

Хизматлар провайдерларида ариза берилган санада пул маблағи шаклида базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 5000 (беш минг) баравари миқдорида шакллантирилган устав жамғармаси (капитали) мавжуд бўлиб, шундан 3000 (уч минг) баравари Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкида алоҳида ҳисобварақда захирага қўйилган бўлиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сонли "Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 2-бандига мувофиқ юридик ва жисмоний шахсларнинг крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ операциялари, жумладан, норезидентлар томонидан амалга ошириладиган операциялар солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди, мазкур операциялар юзасидан олинган даромадлар эса солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиқ солинадиган базага киритилмайди.

Зарур маълумот билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин:

https://napp.uz/uz/pages/service-providers

Бугунги кунда крипто-активлар муомаласи соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий база қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуни;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 июлдаги ПФ-5120-сон “Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони.

Ўзбекистон Республикасининг “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3150-сон “Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сон “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 сентябрдаги ПҚ-3926-сон “Ўзбекистон Республикасида крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори.

Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари (Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил 9 июнда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3309);

Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 15 августда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3380);

Крипто-биржада крипто-активлар савдоларини амалга ошириш қоидалари (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 15 августда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3379);

Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун йиғимлар миқдорини белгилаш, уларни тўлаш ва тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низом (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 28 сентябрда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3388);

Крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш қоидалари (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 31 октябрда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3395);

Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан крипто-активларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш ва муомалага киритиш тартиби тўғрисидаги низом (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 28 ноябрда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3397);

Крипто-активлар айланмаси соҳасида тартибга солиш махсус режимида («Тартибга солиш қумдони» махсус режими) иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 30 декабрда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3409).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сонли "Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорга мувофиқ крипто-активлар айланмаси соҳасидаги операцияларга крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш, сақлаш, чиқариш, жойлаштириш ва бошқариш киради.

Крипто-биржада крипто-активлар савдоларини амалга ошириш қоидалари (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 15 августда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3379) нинг 5-бандига биноан Ўзбекистон Республикасининг резидентлари крипто-биржанинг электрон платформасида:

- крипто-активлар билан крипто-биржада крипто-активлар савдоларининг барча турларини миллий валютада, жумладан крипто-активларни тўғридан-тўғри савдолар майдончасида сотиш ва сотиб олишга қаратилган битимларни амалга ошириши;

- Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари билан фақатгина крипто-активларни сотишга доир операцияларни хорижий валютада амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Сотиб олиш объекти сифатида крипто-активларни танлаш ва бу танловнинг тегишли оқибатлари сотиб олувчининг ўз таваккалчилигидир.

Шунингдек, Крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш қоидалари (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 31 октябрда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3395)нинг 7-бандига мувофиқ, крипто-дўконда қуйидаги операциялар амалга оширилади:

а) крипто-дўконнинг электрон платформаси орқали:

- жисмоний шахслар томонидан банк ўтказмаларини амалга ошириш орқали крипто-активларни миллий валютада сотиб олиш ва (ёки) сотиш;

- чет эллик жисмоний шахслар томонидан банк ўтказмаларини амалга ошириш орқали крипто-активларни хорижий валютада сотиб олиш ва (ёки) сотиш;

б) крипто-дўконнинг савдо объекти орқали:

- жисмоний шахслар томонидан банк ўтказмаларини амалга ошириш орқали крипто-активларни миллий валютада сотиб олиш;

- мижозлар томонидан крипто-активларни нақд пул кўринишида миллий ва (ёки) хорижий валютада сотиб олиш;

- мижозлар томонидан крипто-активларни фақат миллий валютада сотиш.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан крипто-активларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш ва муомалага киритиш тартиби тўғрисидаги низом (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 28 ноябрда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3397)нинг 7-банди ҳамда Крипто-биржада крипто-активлар савдоларини амалга ошириш қоидалари (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 15 августда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3379)нинг 6-бандига асосан жисмоний шахслар ўзаро ўзгармас токенларни крипто-депозитарий ёки бошқа электрон платформалар орқали чиқаришлари ҳамда хорижий крипто-биржалар ва платформаларда бошқа турдаги крипто-активларга айирбошлаши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари томонидан ўзаро ўзгармас токенларни хорижий крипто-биржалар ва платформаларда айирбошланганлиги натижасида қабул қилинган крипто-активлар ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерларининг (бундан буён матнда хизматлар провайдерлари деб юритилади) электрон платформаларида сотилади.

Бундан ташқари, аноним крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш тақиқланади.

Крипто-активларни сотиб олиш ва сотиш бўйича операцияларни амалга ошириш учун крипто-биржа ёки крипто-дўкон хизматларидан фойдаланиш мумкин.

Крипто-активларни сотиб олиш ёки сотиш бўйича операцияларни бажариш учун қуйидагилар зарур:

- крипто-биржа ёки крипто-дўкон билан шартнома тузиш;

- шахснинг идентификацияси;

- Крипто-биржада крипто-активлар савдоларини амалга ошириш қоидалари (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 15 августда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3379) ва Крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш қоидалари (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 31 октябрда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3395) да белгиланган бошқа талабларни бажариш.

Крипто-биржада крипто-активлар савдоларини амалга ошириш қоидаларининг (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 15 августда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3379) 13-бандига асосан крипто-биржа мижоз билан муносабатларни ўрнатиш учун қуйидаги маълумотларни сўраб олади:

- жисмоний шахсдан — шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

- якка тартибдаги тадбиркордан — шахсини тасдиқловчи ва давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжатлар нусхаси;

- юридик шахсдан — давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжат нусхаси, жойлашган жойи, раҳбарияти ҳақидаги ҳамда таъсис ҳужжатларидаги маълумотлар;

- мижоз билан алоқа ўрнатиш учун контакт маълумотлар (электрон почта манзили ва бошқа контакт маълумотлар);

- қонунчилик ҳужжатлари, шу жумладан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қиргин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа маълумотлар.

Крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш қоидаларининг 11, 12 ва 13-бандларига биноан мижоз крипто-активларни сотиб олиш ва (ёки) сотиш бўйича операцияларни амалга ошириш имкониятига эга бўлиш учун крипто-дўконнинг электрон платформаси ва савдо объекти орқали мажбурий идентификациядан ўтади ҳамда крипто-дўкон билан шартнома тузади.

Мижозлар мажбурий идентификациядан ўтиш учун крипто-дўконга қуйидаги ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этади:

- жисмоний шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати нусхаси ва жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);

- мижоз билан алоқа ўрнатиш учун контакт маълумотлари (телефон рақами ёки электрон почта манзили);

- жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа маълумотлар.

Крипто-дўкон қуйидагилар билан шартнома тузишга ҳақли эмас:

- ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;

- жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига асосан террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахслар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сонли "Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор ҳамда Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган тартибда лицензия олиш зарур.

Миллий хизматлар провайдерлари бўлмаган ташкилотлар билан крипто-активлар айланмаси соҳасида операцияларни амалга ошириш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (165-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига (165-модда) мувофиқ лицензиясиз фаолият билан шуғулланганлик учун жавобгарликка сабаб бўлади (190-модда).